Awesome Image

“ITOCHU CORPORATION” БИЛАН ҲАМКОРЛИК ЯНГИ БОСҚИЧГА КЎТАРИЛАДИ

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 19 май куни давлатимиз раҳбари геология соҳасини янада ривожлантириш, фойдали маъданлар ва ерости суви захираларини кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Ушбу тақдимот давомида мутассаддиларга бир қатор топшириқлар берилган эди.

 “Навоийуран” давлат корхонасида Япониянинг “Itochu Corporation” корпорацияси менежери Тошитака Шибата бошчилигидаги делегацияси билан бўлиб ўтган учрашув айни мақсадларга қаратилди.

Учрашув давомида “Навоийуран” давлат корхонаси бош директори Жаҳонгир Хасанов “Itochu Corporation” корпорацияси билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ва Япониянинг атом энергетика соҳасида табиий уран маҳсулотини қайта ишлаш борасидаги тажрибаси билан қизиқди. Шунингдек, “Навоийуран” давлат корхонаси томонидан ишлаб чиқариш жараёнларига сўнгги технологиялар асосида рудадан уранни ажратиб олиш даражасини ошириш ва уран маҳсулотининг таннархини камайтиришга қаратилган замонавий технологик жараёнларни татбиқ этиш бўйича корпорация билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқот давомида “Itochu Corporation” корпорацияси вакиллари Ўзбекистонда фойдали қазилмалар захираларини кўпайтириш кенг имкониятларга эга эканлиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Япониянинг “Itochu Corporation” ҳамда “JOGMEC” компаниялари ўртасида геология қидирув ишларини олиб бориш бўйича уч томонлама меморандум имзоланганлигини маълум қилишди.  

“Навоийуран” давлат корхонасининг ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишдик. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, корхонада технологик жараёнлар ва транспорт тизими мониторинги тўлиқ автоматлаштирилгани бизда катта таассурот қолдирди,- деди “Itochu Corporation” корпорациясининг геологи Гоми Атсуши.

Шунингдек, конларда фойдали маъданлар захирасини халқаро стандартларга мувофиқ баҳолаш тизими хусусида Япония ҳамда хорижий давлатларнинг тажрибаси тўғрисида атрофлича маълумот беришди.

Учрашув якунида “Навоийуран” давлат корхонаси мутахассислари кун чиқар мамлакати атом энергетикаси соҳаси тажрибасини ўрганиш мақсадида Японияга бориш масаласида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқиш белгилаб олинди.

Дўстона ва самимий мулоқот руҳида ўтган учрашув якунида томонлар келгусида ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.