Awesome Image

“НАВОИЙУРАН” ДА ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲАЛАР АМАЛГА ОШИРИЛАДИ

Сўнгги йилларда юртимизда геология соҳасига замонавий илм-фан ютуқларининг жорий этилиши, технологик жиҳатдан модернизация ишларининг олиб борилаётгани натижасида қидирув ишларининг қамрови кенгайиб, ерости бойликларининг янги захиралари аниқланмоқда. Уларга асосланиб, йирик корхоналар барпо этилиб, истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

 

Бу ҳақда Давлатимиз раҳбари 19 май куни геология соҳасини янада ривожлантириш, фойдали маъданлар ва ерости суви захираларини кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар тақдимотида таъкидлаб ўтган эди.

Кеча Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Геология, энергетика, саноат ва унинг базавий тармоқларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси — Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раиси Бобур Исломов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Геология, энергетика, саноат ва унинг базавий тармоқларини ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи Акмал Жуманазаровлар “Навоийуран” давлат корхонасига ташриф буюриб, корхонада амалга оширилаётган ва истиқболдаги режалар билан танишди. Уларга корхона бош директори Жаҳонгир Хасанов ҳамроҳлик қилди.

Ташрифдан мақсад Президентимиз томонидан берилган топшириқларнинг ижросини таъминлаш, шунингдек, табиий уран захираларини излаб топиш, янги конларни ўзлаштириш, уран ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш масалаларини муҳокама этишдан иборат.

Меҳмонлар дастлаб Навоий шаҳридаги уран ишлаб чиқариш заводида бўлиб, унинг фаолияти билан яқиндан танишди. Уларга ишлаб чиқариш жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, Қизилқум кенгликлари бағрида жойлашган “Навоийуран” ДКнинг ишлаб чиқариш майдонлари, хусусан, “Зафаробод” кон бошқармаси қарашли геотехнологик конларида бўлиб, уранни ер остидаги эритмага ўтказиш орқали олиш технологияси билан танишди. Ўрганишлар давомида мазкур конларнинг ишлаб чиқариш имкониятлари, нодир ва ноёб металлар қазиб олиш, янги конларда уран захиралари ҳажмини кенгайтириш, сўнгги технологиялар асосида рудадан уранни ажратиб олиш даражасини ошириш бўйича лойиҳалар муҳокама этилди.