Awesome Image

“НАВОИЙУРАН” ДАВЛАТ КОРХОНАСИНИ РАҚАМЛАШТИРИШ БЎЙИЧА ДАСТЛАБКИ ҚАДАМЛАР

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 июлдаги “2022 — 2030 йилларда “Навоийуран” давлат корхонасида уранни қазиб олиш, қайта ишлаш ҳажмларини ошириш ҳамда уни трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ПҚ-319-сонли қарорида корхонанинг операцион самарадорлигини ошириш, соҳага юқори малакали кадрларни жалб этиш ва мавжуд кадрлар малакасини ошириш ҳамда ишлаб чиқариш ва бошқарув жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш орқали корхонани замонавий ва рақобатбардош компанияга айлантириш бўйича ҳам бир қатор вазифалар белгилаб берилган. 

Хусусан, 2023 йил 1 декабрга қадар “Навоийуран” ДК молия, харидлар, кадрлар, омборхоналар ва экспортни тўлиқ қамраб оладиган ресурсларни бошқариш (ERP) ахборот тизимини яратиш ҳамда уран хом ашёсини қазиб олиш, дастлабки ва охирги қайта ишлаш босқичларини бошқариш бўйича (SCADA) рақамлаштирилган тизим жорий этилади. 

Шу мақсадда корхонанинг конференц залида халқаро миқёсдаги тажрибага эга дастурий таъминот компаниялари вакиллари билан онлайн форматда учрашув ўтказилди.  “Навоийуран” ДК директорлари, бўлим бошлиқлари ва мутахассислари иштирок этган учрашувда VENCOM, FEDES, PLUSSOFT каби компаниялар билан музокаралар олиб борилди. 

Ўз навбатида компания вакиллари ўзларининг дастурий таъминотларининг афзалликлари, қулайлик ва енгилликлари ҳамда корхона бўлинмалари билан интеграциялашуви бўйича атрофлича маълумот беришди. Ҳар битта дастур мутахассислар иштирокида таҳлил этилиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди. 

Учрашувдан мақсад корхонанинг техник шартлари ва талабларини дастурий таъминот компаниялари етказиш, шунингдек, танлов жараёнларининг  очиқ ва шаффоф бўлишини таъминлашдан иборат. Танлов якунларига қараб ҳар томонлама қулай ва замонавий ечимга эга бўлган дастурларни тақдим этган компаниялар билан корхона ўртасида ҳамкорлик ўрнатилади. 

"Навоийуран" ДК ахборот хизмати