Халқаро ҳамкорлик
Тажриба - юксак самара омили
Франциянинг “ORANO MINING” компанияси ва "Nurlikum Mining" Ўзбекистон - Франция ҚК делегацияси “Навоийуран” давлат корхонасига ташриф буюришди. Ташрифдан мақсад ер қаъридан уран концентратини самарали ажратиб олишни йўлга қўйиш, муайян ишлаб чиқариш занжирларида "Катко" Франция-Қозоғистон ҚК тажрибасидан фойдаланиб, харажатларни оптималлаштириш ва уран ажратиш коэффициентини ошириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат.
Учрашув давомида “Навоийуран” давлат корхонаси бош директори Ж.Хасанов “ORANO MINING” компанияси президенти Николас Маес, "Nurlikum Mining" ҚК бош директори Фредерик Гуэрин ва бошқа меҳмонларга ташриф ҳамда ҳамкорлик учун ўз миннатдорчилигини билдирди.
Шунингдек, Ж.Хасанов корхона фаолияти, бугуни ва келгусидаги режалари ҳақида гапирар экан, Ўзбекистондаги энг катта ва ягона уран ишлаб чиқарувчиси ва экспортёри эканлигини, Бутунжаҳон атом энергетикаси агентлиги аъзоси сифатида дунёда табиий уран ишлаб чиқариш бўйича 5- ўринда қайд этилаётганини таъкидлади. Шунингдек, корхона тасарруфидаги табиий уран конлари ҳақида умумий маълумот берилди ҳамда икки кунлик дастур билан ҳам таништириб ўтилди.
Ўз навбатида делегация раҳбари Николас Маес дўстона ва самимий қабул учун миннатдорчилик билдирди.
“Мен аввало ўзимнинг хурсандчилигимни изҳор этмоқчиман. Боиси, биз "Навоийуран”дек улкан салоҳиятга эга корхона билан ҳамкорликни йўлга қўймоқчимиз. Корхона расман ташкил топганига унча кўп вақт бўлмаган бўлсада, аслида улкан тажрибага эга. Бизнинг ташрифдан мақсад иш жараёнлари билан танишиш, тажриба алмашиш, сизлардан ўрганадиган жиҳатларни бизнинг амалиётга татбиқ этишдан иборат", - дейди “ORANO MINING” компанияси президенти Николас Маес.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, тоғ-кон саноати “ORANO MINING” компаниясининг асосий фаолият йўналишларидан биридир. Дастлаб Францияда иш бошлаган компания, кейинчалик Канада, Қозоғистон ва Нигерияда ҳам уран конларини ишга туширди. Orano рақобатбардошлиги ва илғор кон технологиялари билан дунёдаги етакчи уран ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланади. Компания қазиб олишдан ташқари уран конларини қидириш ва ривожлантириш лойиҳаларини, шунингдек, собиқ конларни реконструкция ва модернизация қилиш билан шуғулланади. Компания Томди туманинг Аяққудуқ ҳудудида Ўзбекистондаги илк лойиҳасини амалга оширди. Ҳозирда "Nurlikum Mining" ҚК сифатида ҳудудда 3 йилдан буён геология-қидирув ишларини олиб бормоқда.
Ўзаро самимий, дўстона мулоқот руҳида ўтган учрашув сўнгида "Навоийуран" ДК фаолияти ҳақида қисқача тақдимот ўтказилди. Тақдимотда корхонанинг тарихи, конларнинг ишлаб чиқариш имкониятлари, нодир ва ноёб металлар қазиб олиш ва янги конларда уран захиралари ҳажмини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар, шунингдек, мавжуд конларнинг геологик ва географик хусусиятлари ҳақида маълумот берилди.
Томонлар ўзларини қизиқтирган масалаларда, хусусан, геология-қидирув ҳамда ишлаб чиқаришдаги ўзига хос жиҳатлар, конларни моделлаштириш, рақамлаштириш ва ўзаро интеграциясини таъминлаш юзасидан савол-жавоб қилишиб, зарур маълумотларга эга бўлишди.
Делегация уран ишлаб чиқариш заводи фаолияти билан танишди.
Куннинг иккинчи ярмида меҳмонлар уран ишлаб чиқариш заводи фаолияти билан танишди. Уларга завод директори С.Пўлатов ҳамроҳлик қилиб, батафсил маълумот берди.
Дастлаб, 1-Гидрометаллургия заводи таркибида бўлган уран оксиди ишлаб чиқаришга ихтисослашган 3-технологик цехи 2022 йилнинг бошидан буён Ўзбекистонда ягона бўлган Уран ишлаб чиқариш заводи сифатида фаолият юритмоқда.
2007-2010 йиллар оралиғида уран ишлаб чиқаришни реконструкция қилиш натижасида, қисқа вақт ичида эскирган ускуналарни алмаштириш ва янги замонавий автоматлаштирилган асбоб-ускуналарни ўрнатиш имконияти яратилди. Бу эса заводда уран оксиди ишлаб чиқаришни 30 фоизга барқарор ўсишини таъминлади.
Техник ва технологик ишлаб чиқаришни такомиллаштириш, жадал модернизация қилиниши заводга уран оксиди ишлаб чиқаришни мамлакат мустақиллигининг илк йилларига нисбатан 5 баробардан кўпроқ ошириш имконини берди.
Мазкур завод маҳсулот сифати билан жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб беради ва дунёнинг турли мамлакатларига экспорт қилинмоқда.
Ўзбекистон Халқаро атом энергетикаси агентлиги аъзоси сифатида бугунги кунда завод уран оксидини AREVA NC (Франция), Konverdin (AҚШ), Kameko (Канада), KNAYK (Хитой) ва бошқа бир қатор йирик қайта ишлаш заводларига eтказиб беради.
Завод директори С.Пўлатов режаларга ҳам тўхталиб ўтар экан, 2030 йилгача ишлаб чиқариш объектларини модернизация қилиш, ускуналар ва транспортни техник ва технологик қайта жиҳозлаш, уран мажмуасининг мавжуд ишлаб чиқариш объектларини кенгайтириш бўйича ҳам ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.
Меҳмонлар бевосита табиий уран оксидини куйдириш орқали рудадан ажратиб олишдан тортиб, маҳсулотни экспортга тайёрлашгача бўлган машаққатли ва узлуксиз жараёнларга гувоҳ бўлишди.
Малакали кадрлар сифат ва самарадорлик омили
Франциянинг “ORANO MINING” компанияси ва "Nurlikum Mining" Ўзбекистон - Франция ҚК делегацияси ташриф дастурига мувофиқ Навоий кончилик ва технологиялар университетида бўлишди. Дастлаб, “Навоий кон металлургия комбинати” АЖ Бош директори Қ.Санақулов ва “Навоийуран” ДК Бош директори Ж.Хасанов бошчилигида университет профессор-ўқитувчилари, проректорлари ва факультет деканлари билан учрашди.
Учрашув аввалида Қ.Санақулов "Nurlikum Mining" Ўзбекистон - Франция ҚК фаолият олиб бораётган “Жингелди” табиий уран конида амалга оширилаётган инвестицион лойиҳалар, истиқболли режалар, кутилаётган натижа ва кон самарадорлиги ҳақида гапирди.
“Франция табиий уран конларини излаб топиш, ўзлаштириш ва уран ишлаб чиқаришда катта тажрибага эга ҳамда дунё етакчиларидан бири саналади”, деди у ўз сўзида. “Ҳозирда мазкур конда “Навоийуран” ДК муҳандис-техник ходимлари томонидан илмий изланишлар олиб борилмоқда”.
Шундан сўнг, “ORANO MINING” компанияси президенти Николас Маес кўрсатилган эътибор, манфаатли ҳамкорлик ва дўстона қабул учун ўз миннатдорчилигини билдирди. Николас Маес Ўзбекистоннинг кончилик соҳасидаги катта тажрибасини ҳамда нодир ва камёб металларга бой ерларини эътироф этар экан, Франция қўшма корхонани айнан Ўзбекистонда ташкил этишга қарор қилгани, келажакда ўз самарасини беришини таъкидлади.
“Биз “Жингелди” конида ноу-хау технологияларни жорий этаяпмиз. Бу эса ишлаб чиқариш ҳажмини ошириб, юқори даражада радиацион хавфсизликни таъминлайди. Ўтган 3 йил давомида конда эришилган натижалар бўйича албатта Франция ҳукуматига ахборот берамиз. Ўйлайманки, ҳамкорлигимиз узоқ йиллар давом этади”, деди Николас Маес.
“Яна бир муҳим жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчиман”, дея қўшимча қилди "Nurlikum Mining" Ўзбекистон - Франция ҚК Бош директори Фредерик Герин. “Мен ўтган вақт давомида маҳаллий мутахассислар билан ишлаш асносида уларнинг салоҳияти, ўз ишига талабчанлиги ва изланувчанлигига гувоҳ бўлдим. Албатта, мен билан бирга меҳнат қилаётган ишчиларнинг 90%и ушбу олийгоҳни тамомлаган ёш мутахассислар эканлиги, сўзимнинг исботидир”.
Шунингдек, меҳмонларга университет ҳақида батафсил маълумот бериш мақсадида олийгоҳ ўқитувчилари томонидан инглиз тилида тақдимот ўтказилди.
Маълумот берилганидек, Ўрта Осиё минтақасида ягона бўлган мазкур университетда ҳозирда 6000 нафардан ортиқ талаба ва тингловчилар кончилик иши, кончилик электромеханиги, нодир ва радиоактив рудаларни қайта ишлаш каби 20 га яқин йўналишларда бакалаврлик, магистрлик ва докторлик даражалари бўйича таҳсил олмоқда. Уларга 250 нафардан ортиқ ўқитувчилар ва 90 нафар профессорлар таълим беришмоқда. Талабалар орасида Ўзбекистонинг турли вилоятларидан ташқари, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби давлатларнинг ҳам фуқаролари бор.
Мулоқотлар сўнгида Қ.Санақулов томонидан дўстлик ва ҳамкорлик рамзи сифатида Николас Маесга “Қизилқум ҳудудининг узоқ йиллик ривожланиш стратегияси” (“Strategy of the long-term development of the Kyzylkum region”) номли китоб-альбом совға қилинди.
Ташриф давомида делегация аъзолари университетда ўқитувчилар ва талабалар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, жаҳоннинг энг сўнгги ва илғор технологиялари билан жиҳозланган илмий-тадқиқот лабораторияларида бўлишиб, батафсил маълумотга эга бўлишди.
Ҳамкорлик меморандуми имзоланади
Компания вакиллари ташрифнинг иккинчи куни “Зафаробод” кон бошқармасига ташриф буюришди. Ташриф дастурига мувофиқ дастлаб, “Навоийуран” ДК Бош директори Жаҳонгир Хасанов
"Orano Mining" компанияси бошқарув раиси Клод Имовен ва компания вакилларини қабул қилди.
“Навоийуран” ДК раҳбар ва муҳандислари, Давлат геология қўмитаси мутахассислари иштирок этишган учрашувда мураккаб тоғ-геологик шароитида ҳосил бўлган конларда геология-қидирув ишлари ва қазиб олиш технологиясини такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.
"Orano Mining" компанияси бошқарув раиси Клод Имовен самимий қабул учун Ж.Хасановга миннатдорчилик изҳор қилар экан, ўзининг илиқ фикрларини билдирди.
Меҳмонларга “Навоийуран” ДК ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ҳар иккала томон ҳам келгусида икки дўст давлат корхоналари ўртасида алоқаларни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш, ишлаб чиқаришни сифат ва ҳажм жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш ишларини жадаллаштириш мақсадида ҳамкорлик меморандуми имзоланишига келишиб олишди.
Учрашувда Давлатимиз раҳбари томонидан табиий уран ишлаб чиқариш ҳажмини икки баробарга ошириш бўйича белгилаб берилган вазифаларни Франция тажрибасидан келиб чиққан ҳолда амалга ошириш, маҳсулот таннархини кескин камайтириш бўйича амалий ишлар бошлаб юборилгани таъкидланди. Келгусида "Orano Mining" компаниясининг халқаро миқёсдаги тажрибасидан келиб чиқиб, руда таркибидан уранни ажратиб олиш коэффициентини ошириш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, келгуси ҳафтада "Orano Mining" компанияси ва “Навоийуран” ДК геологлари ўзаро ҳамкорликда геология-қидирув ҳамда қидирув натижалари маълумотлари асосида таҳлил ишларини олиб бориш белгилаб олинди.
Компания мутахассислари “Навоийуран” ДКда технологик жараёнлар ва транспорт воситаларининг автоматлаштирилган тизим асосида ишлаши ва мониторинги йўлга қўйилганлигини эътироф этишди.
Ташрифнинг иккинчи куни ишлаб чиқариш жараёнларида давом этди
Шундан сўнг, делегация аъзолари “Навоийуран” ДК Бош директорининг биринчи ўринбосари – Бош муҳандис Валижон Назаров ҳамроҳлигида “Зафаробод” кон бошқармаси 2 ва 3-Геотехнологик кони майдонларида бўлишди.
Хусусан, 2-Геотехнологик конининг 10 ва 13 Локал сорбцион қурилмаси, 3-Геотехнологик конининг жанубий-шарқий “Жингелди” локал сорбцион қурилмаси технологик жараёнлари ҳамда кислород ва сульфат кислотаси ёрдамида уранни ер остидан қазиб олиш технологияси билан яқиндан танишди.
Шунингдек, Таъмирлаш механика цехининг Бурғулаш ускуналари учун эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш ва электр чўктирма насослари учун эҳтиёж қисмлар ишлаб чиқариш участкалари ҳамда “Аулбек” ва жанубий-шарқий “Жингелди” конидаги қазиб олиш жараёнларига гувоҳ бўлишди.
Ташриф сўнгида меҳмонлар “Навоийуран” ДКда ишлаб чиқариш жараёнларига татбиқ этилган технологик ечимларга юқори баҳо бериб, ушбу амалий мулоқот ва тажриба алмашинуви ўз самарасини беришини таъкидлашди.
“Навоийуран” ДК ахборот PR хизмати